Ўш - ҳунармандлар шаҳри
Ота-боболаримиз бизга мерос қилиб қолдирган, ота ҳунари бизнинг ҳаётимизни кўчмас пойдевори. Қадимий Ўш шаҳрининг меъморчилиги, новвойчилик, дурадгорлик ва шу билан бирга темирчилик ҳунарлари бугунги кунда ўзининг қадимийлиги билан тарих сахифаларидан ўрин олмоқда.
Халқимизда ҳунармандчик азалдан юксак қадрланади. Бобо ва момоларимиз қадимдан дурадгорлик, ёғоч ўймакорлиги, каштачилик, жияк, дўппи, тўн ва сўзана тикиш билан шуғулланиб келишган. Қўл меҳнати орқали яратилган ҳар қандай буюм ўзининг бежиримлиги ва бетакрорлиги билан ажралиб туради.
5 минг йиллик тарихга эга

тандирчилик

Қадимий ҳунармандчилик орасида беш минг йиллик тарихга эга бўлган тандирчилик ҳунари ўзига хослиги билан ажралиб туради.



Инсоният тарихининг дастлабки тараққиёт даври бўлган Миср цивилизацияси давридан тандирдан фойдаланганлиги аниқланган. Ўрта асрларга келиб эса Ўрта Осиё оилаларида муҳим ўрин эгаллади.
Бугунги кунга келиб, Ўш шаҳрида тандирчилар саноқли қолган. Шу боисдан, аксарият тандирчилар ота касби йўқ бўлиб кетмасин деб, хунарларини авлоддан-авлодга ўтказиб беришни кўзлашади. Тандирчи Турдубой Низомов ҳам ана шундай усталардан бири ҳисобланади. У ўзининг шогирдларига тандирчилик сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.
Тандир ясашда тупроқ танлаш катта аҳамиятга эга
Тандир лойига туя ва қўй жунидан қўшилиб қорилса мустаҳкам бўлади
Лойни қолибга келтириш мураккаб жараён ҳисобланади
Лой қотиши учун уни оёқ билан яхшилаб тепкилаб, яна бир сутка қолдириш лозим бўлади
Қоришма текис жойга олинади
Лой қоришмасидан 5-7 сентиметр қалинликда девор ясаб борилади
Унинг ички томонидан уста қабариқ юзага эга бўлган резина ёки металл доирани босиб чиқади. Ташқи томондан эса девор йўл-йўл юзали ялпоқ ёғоч тўқмоқ билан зичланади.
Тайёр бўлган тандир 10-15 кун мобайнида офтобда қуритилади.
Уста Турдубой Низомовнинг айтишича, тандир тандирчилар томонидан ўта маҳорат билан ясалаши лозим. Озгина қилинган хато ҳам тандирнинг кўнгилдагидай чиқмаслигига сабаб бўлиши мумкин.
Авлоддан-авлодга ўтаётган

ТЕМИРЧИЛИК
Темирчилик касби ҳам қийин бўлишига қарамай, бугунги кунда Ўшда авлоддан-авлодга мерос бўлиб келмоқда. Ўш шаҳрининг марказий бозорида темирчиларнинг шажараси бор. Мазкур ерда темирдан ясалган тақага қоқилувчи михдан тортиб, уй анжомлари , деҳқончилик ускуналари ўроқ, кетмон, курак шу билан бирга болта, теша каби кўплаб буюмлар тайёрланиб, ишлов берилади.
Ўшдаги темирчилик бозори 1964 йилларда ташкил этилган бўлиб, Бу худудда 20 га яқин темир устахоналар бор. Уларда фаолият олиб бораётган темирчиларнинг мақсади ушбу ҳунарни авлодларга мерос қилиб ўтказиб беришдир.
Тарихчи Самара Ўсмўнованинг маълумотига кўра, темирчилик кишилик жамиятининг энг қадимги даврларида пайдо бўлган. Милоддан аввалги 3—4 минг йилликда Эрон, Месопотамия, Мисрда темирни совуқ ва қиздирилган ҳолатида болғалаб, турли хил аслаҳалар, меҳнат қуроллари ҳамда бошқа буюмлар ясалгани маълум. Темирчилик ҳунармандчиликнинг қадимий тармоқдаридан бири саналади. Бу соҳанинг ривожи даставвал маҳаллий хом-ашёга боғлиқ бўлган.
Темирчи Авазбек Ахмедовнинг таъкидлашича, мазкур ҳунарни у ота-боболаридан ўрганган. Уларда шундай қоида борки, темирчиликни фақат ўз авлодигагина ўргатишади.
Темирчи темирни оташдондаги ўтга қўйиб қиздириб, металл тобига келиб, оқ тусга киргач, уни сандонга қўйиб, зарур шаклга келгунча болғалайди. Бу ишлар уста, бозғончи ва дамгир томонидан бажарилади. Темирчилик ҳозир ҳам кенг кўламда сақланиб қолган.
Дурадгорлик

Миллий ҳунарлардан яна бири дурадгорлик ҳунармандчиликнинг энг қадимги турларидан бири бўлиб, жамият тараққиёти жараёнида муҳим аҳамият касб этади. Дурадгорликнинг бир неча минг йиллик тараққиёти унинг баъзи тармоқларини санъат даражасига ўсиб чиқишини таъминлади.

Ўш шаҳрида дурадгорлик ҳунарини эгаллаган Оятилло Холматовнинг таъкидлашича, бугунги кунда ёғочдан ясаладиган буюмлар асосан қарағай, ёнғоқ арча дарахтларидан тайёрланади. Чунки, мазкур ёғочлар сифатлилиги билан ажралиб туради.
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
авлодларни тарбиялаган бешик
Дурадгорлик соҳасининг шажараси ҳисобланган бешикчилик ҳам бугунги кунда меросга айланиб бормоқда. Бешик тарихи жуда қадимга бориб тақалади. У ҳақда илк маълумотларни Махмуд Қошғарийнинг "Девону луғотит-турк" асарида учратиш мумкин.
Боланинг таги қуруқ бўлишини таъминловчи сумак ва тувак эса фақат Ўрта Осиё халқларига хос. Бешикларимиздаги бундай ўзига хосликни ўрта аср усталарининг ихтироси деб тахмин қилишимиз мумкин.
Қадимий бу ҳунарни ардоқлаб, янада ривожлантиришга ҳисса қўшиб келаётган ўшлик Бахтиёр Нурматов ҳам бешиксозлик билан машғул. Илк марта бундан тўрт йил аввал шу ҳунарга ҳавас қилиб, моҳир усталардан касб сирларини ўрганиб, мустақил равишда бешик ясашга киришган Бахтиёр ҳозирда турли услубдаги бешикларни тайёрлайди.
Турли услубда ясалган бешикнинг ўзига хослиги, унга гўдакнинг кўзи турли рангларга, табиатга, гўзалликка ўрганиши учун ёрқин ранглар берилишидадир
Бешикчилар асоан тут, тол, ўрик ёғочларини маъқул кўрадилар. Бунинг ўзига хос маъноси ҳам бор. Мевали дарахтдан ясалган бешикда ётган бола серфарзанд бўлади, ўзидан кўпаяди, деб ишонади аҳоли. Толбешик эса енгиллиги билан ажралиб туради.
Бешик бўлимлари алоҳида ясалади
Кейин эса бўлимлари бирлаштирилади. Энг асосийси мих ишлатилмасдан бириктирилади
Сумак- сийдик оқиб, тувакка тушишга мослаштирилган буюм. Сумакни одатда қўйнинг оёқ суягидан ясашган. Ҳозирда ёғочдан ясашади.
Боболардан мерос пичоқчилик
Ҳозирги кунда турли ҳил пичоқлар мавжудлигига қарамай асосий эътиборни ўзимизни миллий пичоқларга қаратишни лозим топдим. Боиси миллий пичоқларимиз ҳам худди миллий таомларимиз каби, бир неча асрдан буён авлоддан авлодга мерос бўлиб келган.
Пичоқлар асосан икки хил усулда тайёрланади, ёрма ва суқма. Пичоқ дастаси узун ва кенг бўлса соп ёрилади ва дастага қотирилади ана шуни ёрма деб номланади. Агар дастаси калта ва учли бўлса уни сопга суқилади ва суқма деб аталади. Пичоқ тайёрлаш бир қанча оғир босқичлардан иборат бўлиб, энг аввало муносиб металл танлаб олинади, пичоқ расталардаги пичоқлар асосан эски эговдан, зўлдирдан (подшипник) тайёрланган. Метталлар юқори ҳароратли оловда қизитилади ва тиғи уриб сайқалланади.
Юқорида миллий ҳунармандчиликнинг айрим турларигина ҳавола этдик. Қадимдан Ўш шаҳри ҳунармандларга бой бўлган, тараққий этган шаҳарлардан бири ҳисобланган. Шу боисдан ҳам миллий ҳунармандчилигимиз авлодлардан мерос бўлиб келмоқда.
Бу материал "Сорос-Қирғизистон" фондининг молиявий кўмаги асосида амалга ошаётган "Ынтымак"да мультимедиа редакциясини тузиш" лойиҳаси асосида тайёрланди.


Тайёрлаганлар:
Мырзайым Жанибек кызы
бош мухаррир
Даврон Насибханов
мухаррир
Умида Мирзабаева
мухбир
Алишер Исамов
фотограф
Made on
Tilda