Ўш тарихидан сўзлаган обидалар
Ўрта осиёнинг тамаддунларидан бўлган Ўш шаҳри 3000 йиллик тарихга эга. Унинг қоқ ўртасида жойлашган Сулаймон тоғи жанубий ён бағирларида буни исботловчи тарихий манбаалар топилган. Ушбу обидалар асрлар мобайнида ўз кўринишларини асл ҳолида сақлаб қолмаган. Аммо шунга қарамай, Ўшнинг қадимий маданиятини баён этиб туради.
Работи Абдуллахон масжиди
Дастлаб, XVI асрда Бухоро хони Абдуллахон II томонидан қурилиб ўз даврида мадраса вазифасини ўтаган Работи Абдуллахон масжидига тўхталсак.
Мазкур обида Сулаймон тоғининг этагида жойлашган бўлиб, ўз вақтида мадраса ҳамда Ўшга келган меҳмонлар жума намози ўқувчи машҳур масжидлардан бири ҳисобланган.
Масжид шарққа юзланган бўлиб, 3 гумбазли хонақодан иборат. Аркнинг баландлиги 3-4 метр. Деворлари 125-162 сантиметр қалинликдаги устунлар билан қурилган. Обида яна ҳам салобатли кўриниши учун фасадга кўланка берилган.
Майда меъморий безаклари сақлаб қолинмаган. Тарихий мажмуа 16х27 метрли тўғри тўртбурчак шаклда бўлиб, деворларининг узунлиги 1 метрдан 2.5 метргача.
Left
Right
Бухоро амири Абдуллахон II Ўшга келганида маҳаллий аҳоли фарзандарини бирга олиб кетиб хат-саводли қилиб беришларини сўрашган. Шунда амир аъёнлари билан кенгашиб, шу ернинг ўзига масжид-мадраса қуришларини буюрган экан.
Шаиргул Абдижапарова
Сулаймон тоғ музей комплексининг мутахассиси


X-XI асрларда қурилган ҳаммом

Шаҳар ўша даврларда ҳам ривожланганидан далолат берувчи ушбу иншоотнинг бугунги кунда пойдеворларигина сақланиб қолган.
Ҳаммомнинг пойдеворлари Ўш шаҳрида қурилиш ишлари олиб борилаётган вақтда тасодифан топилган. Дастлаб 16 катакчаси очилган. Елена Дружинина исмли олима томонидан кашф этилган мазкур тарихий обидада кейинчалик, мустақиллик йилларида олима Бақит Аманбаева изланиш ишларини давом эттирган.

Ҳаммом X-XII асрларда Қорахонийлар сулоласи томонидан қурилган деган хулосага келинган.

Шавкат Отахонов
Тарих фанлари номзоди, доцент
Тарихий манбааларга кўра, мазкур ҳаммом устида қазиш ишлари олиб боргунга қадар, унинг устида маҳалла бўлган экан. Мазкур ювиниш жойининг ўчоқлари, сув қувурлари ҳовузлари ўзгача усулда қурилган бўлиб, шу кунгача чиримай турганлигини археологик қазиш ишлари ҳам исботлаган.
Асаф ибн Бурхия мақбараси
XVIII-XIX асрга тааллуқли Асаф ибн Бурхия мақбараси эса Ўш шаҳри марказида Сулаймон тоғининг жануби шарқий қисмидан ўрин олган.
Ёдгорлик Бухоро ва Самарқанддаги қадимий обидалар каби мумтоз архитектура мажмуалари қаторига киради.
Обида 7,3х9,59 метрли саккиз бурчак шаклдаги гумбазли хонақодан иборат. Бурчаклари ислом архитектурасига биноан қурилган. Гумбазининг диаметри 4.4 метр бўлиб саккиз бурчакли ноғора шаклига эга. Ички қисмининг бир тарафи 2,11дан 2, 23метргача. Токчалари мураккаб ганж билан безатилган.
Шоҳ ва шоир қурдирган ҳужра
Сулаймон тоғининг чўққисида эса шоҳ ва шоир Заҳириддин Мухаммад Бобур томонидан қурилган хужра бўлиб, у ҳам XV асрга тааллуқлидир. Хужра тоғ чўққисида очиқ осмон остида бўлиб, бир хона ва айвондан иборат. Унинг безаклари ҳам ўша даврга хослиги билан ажралиб туради.
Хужра қадимий бўлишига қарамай, Совет иттифоқи даврида яъни 1964 йилда атеистик кўз қарашлар остида бузиб ташланган. Бироқ кейинчалик, 1988-89 йилларда Бобур хужрасини қайта тиклаш ишлари бошланган. Унда умумхалқ ҳашар йўли билан ўша вақтдаги шаҳар ижроия қўмитаси бошчилигида ҳамда шаҳар фаоллари Муҳаммадамин Эшматов ташаббуси билан аҳоли томонидан қурилиш ишлар олиб борилган.

Бобур хужрасининг ичи 2 метр квадрат бўлиб, баландлиги 4 метрни ташкил этади. Бир томонида кичик дераза очилган бўлиб, ундан шаҳарни томоша қилса ҳам бўлади. Бундан ташқари ёруғлик тушиши ва ҳаво айланиши ҳисобга олинган. Ҳужранинг юқори қисмида меҳроб бўлиб, қибла томон белгиланган.
Қорахонийлар томонидан қурилган Ўзгандаги минора эса XII асрга таалуқлидир.
Мазкур 3 мақбарани Ўзганликлар, Ўрта, Шимолий ва Жанубий гумбаз деб аташган. Уларнинг ичидан Ўрта гумбаз биринчи бўлиб қурилган. Ўша даврда Қорахонийлар сулоласининг вакили Наср Ибн Али хон дафн этилган. Бир аср кейин эса Шимолий мақбара қурилган. Унинг ичидаги ёзувлардан келиб чиққан ҳолда мутахассислар 1152 йили қорахонийлар бошлиғи Хусайн ибн Хасан қурдирган деган қарорга келишган. Маълумотларга кўра, мақбарага ўша даврда ҳудудни бошқарган султонинг акаси Султон Илчи Мозийнинг жасади қўйилган. Жанубий гумбаз эса, 1187-йилда қурилганлиги изланишларда тасдиқланган. Бу ерга ким дафн этилганлиги хозиргача номаълум.
Қадимий миноранинг узунлиги 40 метр бўлган, аммо зилзила оқибатида устки қисми қулаб, ҳозирда унинг узунлиги 27 метрни ташкил қилади. Бу меъморий обидани ўз даврининг моҳир усталари қурганлиги ўша вақтда Ўзган ва Ўшда ҳунармандчилик гуллаб яшнаганлигининг исботидир.
Ўзган архитектура мажмуаси 1923 йили Союз республикаси аҳамиятига молик обида қатори давлат қарамоғига олинган. Архитектура мажмуаси тўлиқ 1976-1983-йиллари таъмирланган. Ўша йилдан бери мазкур обидалар қайта таъмирга мухтож эканлигини нафақат аҳоли балки, четдан келган сайёҳлар ҳам таъкидлашади.
Юқорида қайд этилган тарихий мажмуалар ҳукумат музейи қарамоғида бўлиб, реконструкция ишлари олиб борилган. Бундан кейин ҳам асл ҳолини сақлаб қолиш мақсадида таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Ота -боболар томонидан бунёд этилган тарихий ёдгорликларни ўз ҳолича сақлаб, келажак авлодга мерос қилиб қолдиришлик, бугунги кун ёшларининг бурчидир. Зероки, тарихни билмай туриб, келажакни қуриб бўлмайди.
Бу материал "Сорос-Қирғизистон" фондининг молиявий кўмаги асосида амалга ошаётган "Ынтымак"да мультимедиа редакциясини тузиш" лойиҳаси асосида тайёрланди.

Тайёрлаганлар
Мырзайым Жаныбек кызы
бош мухаррир
Умида Мирзабаева
мухбир
Илхом Ибрагимов
видеолар тасвирчи-монтажчиси
Made on
Tilda